Токио йўлидаги “дарё” шиддати

Olimpiya o'yinlari Yangiliklar

Ўзбек спортининг катта карвони машаққатли, лекин ёруғ манзиллар сари – ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари томон ишонч ва иштиёқ билан дадил одимламоқда.

Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш учун 100 нафардан зиёд спортчи, мураббий ва мутахассислар Япония сари отланди.  

 Мамлакатимиз спортчилари 1996 йилдан бери мустақил жамоа сифатида ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиб келмоқда. Ўтган ўйинлардаги натижалар, спортчиларнинг иштирок этиш ва спорт турлари қамровига эътибор қаратилса, 2016 йилги Рио олимпиадасига қадар Ўзбекистонда олимпия ҳаракатининг сифат қамровида у қадар кенг кечмаганлигига гувоҳ бўламиз. Юртимиз олимпиячилари ўйинларда асосан яккалик баҳсларда қатнашган. Натижалар ҳам асосан яккакураш беллашувларида қўлга киритилган.  

 Албатта, бу ҳолнинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Рақамларга эътибор қаратсак, 1996 йили Атланта (АҚШ)дан 2016 йили Рио-де-Жанейрогача ўтган 6 та ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 12 ёки 14 та спорт турларида қатнашишган. 2008 йил Пекин олимпиадасида 56 нафар спортчи 14 спорт турида, 2012 йил Лондонда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида эса мамлакатимиз спорт делегацияси 53 нафар спортчи билан 13 та спорт турида иштирок этган.  

Умумий медаллар сонига эътибор қаратилса, Ўзбекистон олимпиячиларининг 2016 йил Рио олимпиадасида қўлга киритган медаллари 1996 йилдан 2012 йиллар оралиғида ўтган 4 та ёзги олимпия ўйинларидаги медаллар жамланмасидан салмоқлироқ кўринишни ташкил қилади. Яъни, биргина Рио олимпиадасида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза, жами 13 та медаль қўлга киритилган бўлса, ўтган 5 та ёзги Олимпия ўйинларида (Атланта-1996, Сидней-2000, Афина-2004, Пекин-2008 ва Лондон-2012) 3 та олтин, 5 та кумуш ва 10 та бронза, жами 18 та медалга сазовор бўлинган. Кўриниб турибдики, мамлакатимиз спортчиларининг сон ва сифат кўрсатгичларининг ўсиш динамикаси айнан 2016 йил Бразилияда ўтган Олимпия ўйинлари билан бошланган. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон олимпиячилари Токио майдонларида Рио натижалари ўз-ўзидан қўлга киритилмаганлигини исботлаш учун ҳам майдонга тушади.  

Энди 2016 йилги олимпия ўйинлари билан кечиктирилган Токио-2020 баҳсларида қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегациясининг сон ва сифат тамойилларига эътибор қаратсак.  

Айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон спорт делегацияси кунчиқар юртда бўладиган мусобақагача бўлган барча олимпия ўйинларида 14 тагача спорт турларида қатнашиб келган. 2016 йил Бразилиядаги баҳсларда Ватанимизнинг 70 нафар спортчиси 13 та спорт турида иштирок этганди. Бу галги ўйинларда эса 74 нафар атлетимиз 18 та спорт тури бўйича Ўзбекистон номини шарафлаш учун Токио спорт майдонларида шижоат кўрсатишга чоғланмоқда. Бу галги олимпия ўйинларининг 2016 йилгисидан яна бир фарқи, ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида бир қатор спорт турлари, жумладан оғир атлетика, енгил атлетика, бокс, эркин ва юнон рум кураши каби айнан ўзбекистонлик спортчилар кўпроқ қатнашиши мумкин бўлган йўналишларда қисқаришлар юз берди.  

Токио олимпиадасида Ўзбекистон каратэчиларининг йўлланмалардан қуруқ қолиши ҳам қайсидир маънода умумжамоа тош босишини бироз “пасайтиргани” бор гап. Бироқ нима бўлганда ҳам, бу Токио йўлидаги “дарё” шиддатига тўсиқ бўлолмайди.  

Ўтган салкам 4 йилда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт турларининг оммавийлигини таъминлаш, ишни янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, халқаро спорт илғор тажрибаларининг кенг татбиқ этилиши олимпия ўйинларининг мундарижаси кенгайишига олиб келди.

Очиғи, бундан 3-4 йил муқаддам юртимиз қиличбозлари ёки замонавий бешкурашчилар Токио олимпия ўйинларида иштирок этади, дейишса ишониш қийин эди. 2019 йил пойтахтимизда қиличбозлик бўйича ўтказилган нуфузли мусобақа жараёнидаги матбуот анжуманида терма жамоамиз мураббийлари “Тошкент мусобақалари истеъдодларни кашф этиш майдони бўлаётгани яхши, аммо Япония олимпиадасига ҳозирги ёшларнинг бориши анча оғир масала. Ҳали тинимсиз изланишимиз керак. Талантлар етарли, улар албатта, Париж ўйинларида қатнашади”, дея фикр билдирганди. Шундан бир-бир ярим ой ўтар-ўтмас Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари “мушкетёрлар” спортибўйича бир қатор тажрибали мураббий ва мутахассисларни Ўзбекистонга чорлади. Кетма-кет улар иштирокида янгича форматда ўқув-машғулотлар, семинарлар ташкиллаштирилди, мусобақалар ўтказилди, кенг қамровли селекция ишлари олиб борилди. Хорижий мамлакатларнинг кучли терма жамоалари билан ҳамкорликдаги йиғинлар уюштирилди. Ёшларга ишонч билдирилди. Ва бу ўз сўзини айтди. Қиличбозлик бўйича бир эмас, 3 нафар ёрқин ёшларимиз олимпия ўйинлари йўлланмаларига эга бўлди. Худди шундай фикрни замонавий бешкурашчилар, сузиш, гимнастика, таэквондо, велоспорт, дзюдо каби спорт турлари мисолида ҳам айтиш мумкин.  

Муҳими, Ўзбек спортининг катта карвони машаққатли, лекин ёруғ манзиллар сари – ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари томон ишонч ва иштиёқ билан дадил одимламоқда. Таркибда Баҳодир Жалолов, Давлат Бобонов, Муроджон Холмуродов, Зайнаб Дайибековадек шижоатли ўнлаб ёшлари борки, Ўзбекистон байроғи ғурур ва ифтихоримиз тимсоли бўлиб Олимпия ўйинларида ҳамиша мағрур хилпирайвериши шубҳасиз.  

Тўлқин РЎЗИЕВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.