Токио Олимпия ўйинлари томошабинларсиз ўтказилиши мумкин

Olimpiya o'yinlari

Токио ёзги Олимпия ўйинларининг айрим мусобақалари томошабинларсиз ўтказилиши ёки томошабинлар сони чегараланган ҳолда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда бугун «Nikkan Sports» нашри хабар берди.

Хусусан, баскетбол ўйинлари мухлисларсиз ўтказилиши режалаштирилмоқда. Губернаторнинг Токио-2020 ташкилий қўмитасига мурожаатига кўра, ўйинлар кечқурун ўтказилиши кутилмоқда. Бундай учрашувларда томошабинларнинг иштирок этиши Япония ҳукуматининг куннинг кеч соатларида кўчада жамоат ҳаракатини чеклашга қаратилган сиёсатига зид бўлади.

Айрим спорт майдонларига кирувчи томошабинлар сони икки баробарига қисқартирилиб, стадионларга 10 минг эмас, эндиликда 5 минг нафар томошабин киритилади.

Бундан аввал, Кёдо агентлиги Олимпия ўйинлари ташкилотчилари келгуси ҳафта беш томонлама онлайн учрашув ўтказишини, унинг асосий мавзуси стадионларда томошабинларнинг рухсат этилган сони билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш ҳақида хабар берган эди. Токио-2020 ташкилий қўмитаси раҳбари Сеико Хашимото жума куни Олимпия ўйинларига бағишланган матбуот анжуманида ташкилотчилар ўйинларни томошабинларсиз ўтказиш вариантига тайёрлигини маълум қилди. Бу фикрни Токио губернатори Юрико Коике ҳам маъқуллади.

Маълумот учун, Токиода 20 июнга қадар COVID туфайли фавқулодда режим йўлга қўйилган. Сўнгра пойтахтда 11 июлга қадар вирус тарқалишига қарши кучайтирилган чора-тадбирлар режими жорий этилди. Бундай тадбирлар фавқулодда вазият режимидан бироз енгилроқ бўлса-да, ресторан, бар ва кўнгилочар муассасаларнинг иш вақти ҳамда спиртли ичимликлар савдоси чекланади. Токио расмийлари Ёзги Олимпия ўйинлари вақтидаги чекловларни узайтириш имконияти тўғрисида ҳали ҳеч қандай баёнот бермаган. Aввалроқ, ташкилотчилар фавқулодда режим жорий этилса маҳаллий томошабинларнинг мусобақада иштирок этишига йўл қўйилмаслиги ҳақида баёнот берганди.

Токио Олимпиадаси 2020 йил 24 июлдан 9 августгача бўлиб ўтиши керак эди. Пандемия туфайли мусобақалар бир йилга қолдирилди. Энди мусобақалар 23 июль – 8 август кунлари бўлиб ўтади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.