Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуасида “Ёшлар — бизнинг келажагимиз!” шиори остида тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Унда иштирок этган вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов ёшларга ўзининг самимий тилакларини изҳор қилди.
Шунингдек, тадбирда Токио-2020 ёзги Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган бир гуруҳ Тошкент вилояти спортчиларига уй, “Спарк” русумли автомобиллар ҳамда пул мукофотлари топширилди.
Жумладан, парасузиш спортидан Токио-2020 Паралимпия ўйинларига йўлланма олган Ислам Аслановга 2 хонали уй, таэквондо WT бўйича терма жамоа аъзоси Светлана Осипова ҳамда юнон-кум курашчиси Элмурод Тасмурадовларнинг ҳар бирига «Спарк» автомобили топширилди.
Паралимпиячиларимиз Шаҳноза Мирзаева ҳамда Ҳаитмурод Шерқўзиевларга 50 миллион сўмдан пул мукофоти, Саиджаббор Дадахоновга эса замонавий спорт велосипеди совға қилинди.
Тантанали байрамда эл ардоғидаги санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
А. Мусаев, ЎзА