Марказий банк карта эгаларини ҳушёрликка чақирди

E'lonlar

Марказий банкнинг хабар беришича, банк картаси эгасининг рўйхатдан ўтган телефон рақамига СМС орқали юборилган бир марталик тасдиқловчи кодни киритмасдан туриб, мобил иловадан рўйхатдан ўтиш ёки картани мобил иловага бириктириш мумкин эмас.

Банк карталарининг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳозирги кунда етарлича чоралар кўрилган. Банк картаси тўғрисидаги маълумотлар ва унинг ПИН-кодини ишлатмасдан, уни мобил иловаларга бириктирмасдан туриб, банк картасидаги пул маблағини ечиб олиш ёки уни бошқариш имконияти йўқ. Хусусан, банк картасидан мобил иловалар орқали фойдаланиш учун банк картасининг эгасига бир марталик тасдиқловчи код юборилади. Мазкур кодни белгиланган вақт оралиғида тизимга киритмасдан туриб картани мобил илова аккаунтига бириктириш мумкин эмас.

Банк карталаридан пул ечиб олиш ҳолатлари айрим фуқароларни фирибгарларнинг алдовига ишониб, ўзига тегишли бўлган карта маълумотларини ошкор этишлари натижасида кузатилмоқда.

Фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун банк пластик картани олгач, фақат ўзининг телефон рақамига СМС хабарнома хизмати уланиши зарур. СМС хабарнома орқали келган бир марталик тасдиқлаш кодини ҳеч кимга ошкор этмаслик керак. Чунки, банк ёки тўлов ташкилотининг ходимлари ҳеч қачон сизга юборилган тасдиқлаш кодларини, картангизнинг тўлиқ рақами ва амал қилиш муддатини сўрамайди. СМС орқали келган хабарни диққат билан ўқинг. Унда картангиз билан боғлиқ амалиёт тўғрисида маълумот ва тасдиқлаш учун код келтирилади. Ушбу кодни ҳар қандай ҳолатда ҳам бировга ошкор этманг.

Эслатиб ўтамиз, банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаларидан фойдаланганингизда мураккаб паролларни қўллаган маъқул.

Қолаверса, мобил иловада рўйхатдан ўтказилган аккаунтингизга кириш учун фақат ўзингизнинг қурилмангиздан фойдаланинг.

Интернет орқали товар ёки хизматларни харид қилиш учун фақат расмий, ишончли сайтлардан фойдаланинг. Агар сизга тўловни амалга ошириш ёки картангизга пул ўтказиш мақсадида ҳавола тақдим этилган бўлса, уни қайта текшириб кўринг. Таклиф этилаётган веб-саҳифанинг расмий эканлигини текшириш лозим.

Ижтимоий тармоқлар ва турли мессенжерлар орқали сизга жўнатилган шубҳали ҳаволаларни очманг. Сизга пул ўтказиш учун картангизнинг рақамлари ва амал қилиш муддатини ёки текшириш мақсадида код юборилганлигини маълум қилиб, уни айтишингизни сўраганларида, ҳеч қандай маълумот бермаслик керак.

ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.