1 январдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?

E'lonlar Yangiliklar

Нақд пулда уйга етказиб бериладиган пенсия, исталган ҳудуддан ID-карта олиш, ҳоким ёрдамчилари иши бошланиши, IELTS учун ойликка 20 фоиз устама ва бошқа ўзгаришлар.

ID-карта ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга оширилади.

Республиканинг исталган ҳудудида ID-карталарни олиш ва алмаштириш имконияти йўлга қўйилади.

Пенсия ва нафақаларни тўлаш тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади. Бунда, банкка пенсия ва нафақаларни нақд пулда фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилади.

Чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида қилинган харид чекини солиқ органларининг махсус мобил иловасида сканерлаган жисмоний шахсларнинг карталарига ой якунида харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади. Шунингдек, мижозга чек бермасдан маҳсулот сотганлик ёки хизматлар кўрсатганлик тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади.

Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилади.

Давлат ташкилотлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан бир қатор маълумотнома ва ҳужжатларни талаб қилиш тартиби бекор қилинади.

Айрим давлат хизматлари учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдори камайтирилади.

Давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади. Бундан ташқари, давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка олиш «Васийлик ва ҳомийлик» электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (давлат ташкилотлари бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 1,5 баравари (405 минг сўм) миқдорида субсидия берилади.

Барча туман (шаҳар)ларда бюджет умумий харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Хорижий тиллардан сертификатга эга давлат бошқарув идоралари ходимларига лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.

Юқори натижа кўрсатилганда имтиҳон топшириш харажати қоплаб бериладиган халқаро имтиҳон тизимлари рўйхати кенгаяди.

Мўйноқ туманидаги тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларига корхона қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва техникаларни темир йўл транспортида ташиш харажатларининг ярми қоплаб берилади.

Туманларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТларга белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади.

Камерал солиқ текшируви натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун ва тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.

Фуқароларга коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи тун-у кун фаолият юритадиган «Call-марказ» ишга туширилади.

«Ҳалоллик вакцинаси» тамойили асосида давлат хизматчиларини коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларда ўқитиш тизими жорий этилади.

Метрополитен йўналишлари (уларнинг қурилиши бўйича маълумотлар), бекатлар (улар атрофида жойлашган объектлар ва жамоат транспорти йўналишлари), поездлар ҳаракати жадвали, электрон тўлов ҳамда бошқа маълумот ва хизматларни ўз ичига олувчи мобил илова ишга туширилади.

Йўловчи ташиш йўналишларини очиқ тендерлар орқали ташувчиларга бириктириш электрон ахборот тизими тест режимида ишга туширилади.

Педагог ходимларга малака тоифасини беришнинг янги тизими жорий қилинади.

ҚҚС тўловчиларга асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни «E-aktiv» ахборот тизимида акс эттириш мажбурий ҳисобланади.

Ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи «Очиқ бюджет» портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.

Хонадонда пилла етиштирувчиларга ҳосилнинг бир килограмми учун 5 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади ҳамда тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади.

Суд қарорлари иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади, судлар фаолиятида «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади.

Геология-қидирув ва изланиш ишлари ўтказиш учун ажратилган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди.

Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан сотиладиган суюлтирилган газга акциз солиғи солинмайди.

Телекоммуникация операторлари ва провайдерлари Интернет тармоғига кенг полосали уланиш тармоқларини лойиҳалаш ва қуришда:

  • маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гбит/с ўтказувчанлик қобилияти билан;
  • таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мбит/с ўтказувчанлик қобилияти билан улайди.

Тошкент ирригация университети ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибидаги ГЭСлар томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олиш нархлари ўзгаради.

Мустақил экспертларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятини йўлга қўйиш учун қўшимча 14та штат бирлиги ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Ортиқча ундирилган божхона тўловлари тегишли қарор қабул қилингандан сўнг 3 иш куни давомида қайтарилади ҳамда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддати 14 кун этиб белгиланади.

Мамлакат иқтисодиёти учун устувор аҳамиятга эга бўлган, стратегик соҳаларга оид айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи (олтин акция) бекор қилинади.

Уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 10 фоиз этиб белгиланади.

Мол-мулк аукционда сотилгунга қадар учинчи шахсларнинг эгалигига ўтиб кетган ва бу ҳолат аукцион якунланганидан сўнг аниқланса, закалат пули аукцион ғолибига қайтариб берилади.

Пахта ва бошоқли дон етиштиришда суғориш иншоотлари истеъмол қилган электрни давлат бюджетидан қоплаш тартиби фақат сув тежовчи технологияларни жорий этган субъектларга татбиқ этилади.

«Евро-4» экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизел двигателлари билан жиҳозланган «М» ва «N» тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларини ҳамда «Евро-3»дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини вақтинча олиб кириш ва импорт қилиш ман этилади.

Республикадаги барча цемент ишлаб чиқариш корхоналарининг атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида намуналар олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар, уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари ушбу ташкилотлар маблағлари ҳисобига ўрнатилади.

Цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган 1 тонна оҳактош учун ер қаъридан фойдаланганлик солиғи ставкаси икки баравар камайтирилади.

Қўшилган қиймат солиғининг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади.

Умумий овқатланиш корхоналарига солиқ органларини хабардор қилган ҳолда бир қатор солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорликни 2022 йил 1 июлга қадар бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Тадбиркорлик субъектларига умумий майдони 1 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган солиқларни тўлашни 6 ой муддатга кечиктириш ҳуқуқи берилади.

Тошкентнинг Бектемир ва Учтепа туманларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини аутсорсинг асосида тадбиркорларга бериш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.

Табиий монополия субъектлари, бозорда устун мавқега эга бўлган субъектларда монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади.

Ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларини жисмоний ва юридик шахсларга ижарага бериш онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

Тиббиёт ташкилотларини ихтиёрий аккредитациядан ўтказиш механизми жорий этилади.

 

Manba: Kun.uz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan