2021 йилнинг энг муҳим спорт натижалари

Sport

Бир йил муқаддамги пандемия чекловларидан кейин эпидемиологик вазиятда ўтган 2021 йилги спорт мавсуми Ўзбекистон учун ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятли ўтди.

Мамлакатимизнинг шижоатли спортчилари бир йил кечиктириб ўтказилган олимпия ва паралимпия ўйинларида, илк бор ташкил этилган 1-МДҲ ўйинларида, бир қатор чемпионат ва нуфузли мусобақаларда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Ватанимиз шарафини улуғлади. Ўз номларини жаҳон спорт саҳифасига муҳрлашди.

Хўш, якунланаётган йилнинг энг яхшилари кимлар? Кимларни 2021 йилнинг кучлилари, дейишимиз мумкин? Бундай шарафга лойиқлар номини аниқлаш, эътироф этиш ва унга расмий мақом беришни бевосита жисмоний тарбия ва спорт соҳаси мутасаддиларига қолдирган ҳолда йилнинг 10 та энг муҳим ютуғини санаб ўтишни лозим топдик.

1. Сўзсиз, Токио олимпиадаси ва паралимпия ўйинларида олтин медалларга мушарраф бўлган йил қаҳрамонларининг ҳар бири – у Баҳодир Жалолов бўладими, Акбар Жўраевми ёки Улуғбек Рашитовми, Бобур Омоновми барчаси 2021 йилнинг энг кучли спортчиси номига муносиб. Лекин улар орасида олтин медаль билан бирга олимпия рекордини ўрнатган, куни кеча Тошкентдаги 86-жаҳон чемпионатида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Акбар Жўраев ва таэквондочилар орасида энг ёш бўла туриб, шов-шувли тарзда Токио-2020да биринчи ўринни қўлга киритган Улуғбек Рашитов мамлакатимиз спортининг энг шарафли 10 та ютуғидан бири, дейиш мумкин. Аммо, шу ўринда матонатли паралимпиячиларимизнинг ғалабасини ҳам унутмаслик лозим.

2. Биз ўтган 3-4 йил мобайнида боксчиларимизнинг ғалабаларига одатланиб қолганимизданми, 2021 йилги олимпия ва жаҳон чемпионатидаги “нафас ростлаш”ни мағлубият тарзида қабул қилмоқдамиз. Аммо, ҳарбий боксчиларимизнинг ғалабаси, ўсмир ва ёшларимизнинг халқаро ютуқлари гўёки Токио ва Сербия “сояси”да қолиб кетаётгандек. Бироқ, жорий йил 13-23 апрель кунлари Польшанинг Кельце шаҳрида ёшлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон тарихида биринчи марта Нигина Ўктамова аёллар боксида тарихий олтин медални қўлга киритганлигини эсдан чиқариб қўяётгандекмиз. Айнан Нигина ўтаётган йил якунига кўра, Жалолов, Халаков, Саидраҳимов учлигининг олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатидаги муваффақиятига ўз олтини билан қўшган ҳиссаси Ўзбек бокс байроғи ҳамиша сарбаландлигини кўрсатиб турибди. Шу жиҳатдан Нигина Ўктамованинг аёллар ўртасида бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлганлиги мамлакатимиз спортининг 10 та кучли ғалабасидан бири, дея эътироф этмоққа арзийди.

3. Рости, мамлакатимиз мустақиллигининг илк йилларидан халқаро мусобақаларда собитлик билан иштирок этиб, Ватанимиз шаънини улуғлаб келаётган спорт турлари бешта бўлса, ўшанинг биттаси оғир атлетикачилар. 2021 йил ҳам “тош полвонларимиз” учун омадли келди. Токио олимпиадасида Акбар Жўраевнинг жаҳон оғир атлетика тарихига Ўзбек мухрини босиши ва Тошкентдаги жаҳон чемпионатида олтин медалга мушарраф бўлиши, Руслан Нуриддиновнинг узоқ танаффусдан кейин катта спортга қайтиши асносида ўз салоҳиятини намойиш этаётганлиги алоҳида мавзу.

Лекин унинг издошлари бўлган ёш спортчиларимиз ҳам йил давомида ғалабаларга махлиё бўлиб, бир четда қарсак чалиб туришмади. Ўз чемпионликлари билан ҳисса қўшишди. Айниқса, пойтахтимизда ўтган жаҳон чемпионатида Сарварбек Зафаржонов, Турсуной Жабборова, Достон Ёқубовларнинг ғолиблиги, Саудия Арабистонида 17 ёшгача бўлганлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида вакилларимизнинг 4 тадан олтин ва кумуш, 3 та бронзага эга чиқиши, унда Қурбонмурод Номозовнинг 3 та олтин медалга сазовор бўлиши Ўзбекистон оғир атлетикасининг келажаги порлоқ эканлигидан далолатдир. Ва бу, мамлакатимиз спортининг 2021 йилдаги кучли ўнта ютуғидан бири, дейишга тўла асослидир.

4. Мамлакатимизда барча спорт турларининг ривожида оммавий югуриш мусобақаларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ташаббуси ва қатор ташкилотлар қўллаб-қувватлаши асосида 2019-2021 йилги “Save Aral” номи остида ўтган марафонларнинг аҳамияти беқиёс бўлганлигини эътироф этмоқ лозим.

Ўтган давр мобайнида 34 та турли даражадаги марофонлар уюштирилганлиги, улар 14 ҳудуднинг 29 та шаҳар ва туманлар доирасида ўтгани катта воқеалик бўлди. Бу йил 20 ноябрда Тошкентда ўтган халқаро марафон якунига кўра, умумий ҳисобда 100 минг нафар атрофидаги инсонлар саломатлик мусобақалари билан қамраб олиндики, айни ҳолат юртимизда 2021 йилнинг энг муҳим ва ўзига хос спорт тадбирлари ўнталигидан жой олишга ҳақлидир.

5. Спорт турлари орасида японларнинг миллий ўйини даражасидан халқаро спорт мақомига кўтарилган дзюдонинг юртимиз ёшлари орасида ўзига хос ўрни бор. Мамлакатимиз дзюдочиларининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишда Токио олимпиадаси совриндори Давлат Бобоновнинг ютуғини таъкидлаган ҳолда жорий йил октябрь-ноябрь ойларида Францияда ҳарбийлар ўртасида ўтган 40-жаҳон чемпионатида терма жамоамиз аъзоларининг 4 олтин ва 1 та бронза медали билан умумжамоада биринчи ўринни эгаллаши Ўзбекистон дзюдосининг тарихий натижаси сифатида ўтаётган йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди.

6. Ўзбекистон профессионал боксида 2021 йил алоҳида ажралиб туради. Боиси, ўтаётган йил ҳисобида юртимизда бокснинг ушбу йўналишида 15 тага яқин турли даражадаги мусобақалар ўтказилди. Ўнлаб профессионал боксчиларимиз АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Ветьнам каби бир қатор мамлакатлардаги рейтинг жангларида қатнашди, ғолиб чиқди, мамлакатимиз спорт салоҳиятини кўрсатди. Аммо ҳаммасидан ҳам муҳими, енгилмас боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев профессионал бокснинг икки йўналишидаги жаҳон чемпионлиги камарини икки марта ҳам муносиб ҳимоя қилиб, WBА/IBF йўналишларидан ташқари WBC ҳамда WBО йўналишларида ҳам чемпион бўлди. Ҳозиргача профессионал боксда ҳамюртларимиздан ҳеч ким бундай шарафга эга бўлмаганди.

7. Ўтаётган йил Ўзбекистон каратэси тарихида туб бурилиш йили бўлди. Маълум сабаблар оқибатида Токио олимпиадаси йўлланмаларидан бебаҳра қолган каратэчиларимиз Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида 104 та давлат орасида Ўзбекистоннинг ҳам ўз сўзи борлигини кўрсатди. 75 килограмм вазнда фарғоналик Достонбек Отаболаевнинг олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати совриндорларини, чемпионларни доғда қолдириб, олтин медалга мушарраф бўлиши мамлакатимиз спорт салномасининг 2021 йилги зарварағига безак бўлиб тушди. Достонбек дунё каратэсида Ўзбекистон номини достон қила билди.

8. Одатда ўйин спорт турлари бўйича юртимиз спортчиларининг халқаро майдондаги зафарли одими хусусида гап кетса, “биз яккакураш спорт турларида кучлимиз, бу йўналишлар бизга эмас” қабилида баҳонани болалатамиз. Сабабларини қидирмаймиз. Ўтаётган йил аввалида Ўзбекистон волейбол федерациясида амалга оширилган ўзгаришлар, ёш ва ҳаракатчан кадрларнинг федерацияга ишга келиши эса вазиятни бир мунча яхшиланишига, мудраб ётган волейбол майдонларига шовқин-сурон кириб келишига олиб келди. Йил давомида 30 га яқин турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатлари ўтказилди. 6 тага яқин халқаро мусобақаларда қатнашилди. Ҳаттоки, хориждаги кичикроқ мусобақада бўлса-да бронза медали қўлга киритилди. Агар, бу ҳолатни 2019-2020 йиллар билан таққосланилса, мусобақалар ўтказиш ва халқаро турнирларда қатнашиш 99 фоизга ошди.

Сабаби, бир неча йиллар муқаддам волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионатларининг 60-70 фоизи ўтказилмас эди. Ўтадиган чемпионатларда ҳам нариси билан 5-6 та жамоа қатнашарди. Айрим ёш тоифасидаги чемпионат ва биринчиликлар йиллар давомида ташкил этилмасдан келинди. Халқаро мусобақаларда қатнашишни гапирмаса ҳам бўлади. Хуллас, 2021 йилни Ўзбекистон волейболида “уйғониш даври” бошланган давр сифатида қабул қилсак ҳақиқатга мос келади.

9. 2021 йилнинг яна бир эътиборли воқеаси, ҳамюртимиз, мамлакатимизнинг тажрибали альпинисти Сергей Денисенко дунёдаги энг баланд Эверест чўққисига Ўзбекистон байроғини қадаганлиги дунё жамоатчилиги эътиборига тушди.

10. Жорий йил май ойидан  мамлакатимизда юртдошларимиз орасида юриш ва югуришни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Соғлом турмуш тарзи” платформасининг жорий этилиши, “Автомабилсиз кун” акциясининг ўтказилиши ҳам ўтаётган йилнинг ўзига хос воқеликларидан бири бўлди.

Ўзбекистон спорт ҳаётида 2021 йилнинг муҳим ютуқ ва воқеаларини санашни давом этсак, улар анча-мунча кўп экан. Аммо, дунёда ҳар қандай спорт турининг ривожи, оммалашуви қўллов билан. Қўллаб-қувватлаш, давлатимизнинг алоҳида эътибори борки, мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт соҳасида 2021 йилда мисли кўрилмаган натижаларга эришилди.

Жорий йил давомида давлатимиз раҳбарининг шахмат, велоспорт, қиличбозлик, бокс, паралимпия ва от спорт турлари, оммавий спортни ривожлантириш, Париж-2024 ўйинларига тайёргарлик кўриш, Спорт таълим тизимини такомиллаштириш борасида 20 га яқин қарор ва фармонлари қабул қилинди. Айни хужжатлар асосидаги ҳаракатлар маҳсули сифатида Ватанимизнинг шижоатли ва матонатли спортчилари 2021 йилнинг 9 ойи давомида халқаро мусобақаларда 450 тадан зиёд олтин, кумуш, бронза медалларига сазовор бўлди.

Демак, мамлакатимиз спортининг кучли ўнта ютуғидан бири ва энг муҳим замини жисмоний тайёргарликнинг тўғри йўналтира олган, унга қўш қанот бағишлаган дастурлар, ишлаб чиқилган “Йўл харита”лари ва уларнинг тизимида амалга оширилган профессионал спорт мутахассисларининг фаолияти, бетиним изланиши, десак мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўлқин Рўзиев, 
ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan