Олимпия ўйинларининг очилиш маросими Сена дарёси бўйлаб ўтказилади

Olimpiya o'yinlari

Халқаро олимпия қўмитаси расмий сайти шу ҳақда хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, 2024 йили Франциянинг Париж шаҳрида ўтадиган ёзги олимпия ўйинларининг очилиш маросими ташкилий қўмита ва Франция ҳукумати келишувига биноан Сена дарёси бўйлаб ташкил этилиши белгиланмоқда.

Париж-2024 ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирокчи давлатлар махсус қайиқларда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан ўтишади. Умумий масофа 6 километрни ташкил этади. Маросимни 600 минг томошабин бевосита соҳил бўйларида кузатиб бориши учун шарт-шароитлар яратилади.

Мутахассисларнинг фикрича, Париж-2024 маросимининг шу тартибда ўтказилиши олимпиада тарихидаги ўзига хос воқеаликдир.

Бу, ҳозирча режа. Режанинг тўлиқ ҳаётга татбиқ этилишини эса вақт кўрсатади. Эслатиб ўтамиз, XXXIII ёзги олимпия ўйинлари 2024 йилнинг 26 июль-11 август кунлари ўтказилади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan